Тошкент, Ўзбекистон — Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган замонавий экотуризм мажмуасида йирик маданий-кўнгилочар тадбир ва гала-консерт бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу тарихий воқеа билан қутлади ҳамда “Каркидон” туризм мажмуаси вилоятнинг туризм салоҳиятини янада юксалтириш, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
1967-йилда ташкил этилган “Каркидон” сув омбори бугун ўз тарихининг янги саҳифасини очаётгани, эндиликда ушбу гўзал маскан нафақат сув хўжалиги обекти, балки Фарғона водийсининг энг жозибадор туристик брендларидан бири сифатида ривожланиб, юртимизнинг туризм салоҳиятини намоён этувчи муҳим манзилга айланиши кутилаётганлиги қайд этилди.
Байрам дастури доирасида таниқли санъаткорлар иштирокида гала-консерт, спорт мусобақалари, миллий ўйинлар, болалар учун қизиқарли аттрационлар ҳамда байкерларнинг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди. Меҳмонлар сув ҳавзасида қайиқ сайрларида қатнашиб, масканнинг бетакрор табиати ва яратилган қулайликлардан баҳраманд бўлдилар.
Президентимизнинг ПҚ–132-сонли қарорига мувофиқ, “Каркидон” сув омбори атрофидаги 250 гектар майдонда йирик экотуризм мажмуасини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мажмуа ҳудудида 57 та замонавий меҳмон уйи, 45 та шале уйлари, ресторан ва кафелар фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилган. Шунингдек, 20 дан ортиқ мавжуд дам олиш масканлари тўлиқ реконструкция қилинди.
Ҳудуднинг экологик муҳитини яхшилаш мақсадида 200 гектар майдонда замонавий суғориш тизими яратилиб, 100 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилди. Мажмуа таркибида 48 гектарлик сокин ҳудуд, 10 гектарлик гуллар боғи, 30 гектарлик агротуризм мажмуаси ҳамда 35 гектар майдонда лавандазорлар ташкил этилди.
“Каркидон” лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу ерда агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм йўналишлари ўзаро уйғунлашган. Халқаро стандартлар асосида мотокросс трассаси, икки километрли дор йўли, картинг майдонлари барпо этилган бўлиб, бу маскан нафақат мамлакатимиз, балки МДҲ ҳудудидаги нуфузли туризм марказларидан бирига айланишига хизмат қилади.
