in

Тошкент метроси 7 сентябрь куни эрталаб узилишларсиз ишлади

Тошкент, Ўзбекистон — 7 сентябрь куни эрталабки тирбанд вақтларда Тошкент метрополитени барқарор ишлади. Соат 07:00 дан 10:00 гача тўртта йўналишда йўловчиларга 64 та поезд таркиби хизмат кўрсатди ва уларда 243 821 та йўловчи қатнови амалга оширилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ЙҲХБ хабар берди.

Олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошлангани муносабати билан ушбу даврда шаҳар жамоат транспорти фаолияти доимий назоратда бўлди. Мониторинг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилди.

Йўловчилар оқими энг юқори бўлган «Чилонзор» ва «Ўзбекистон» йўналишларида ҳаракат барқарорлигини таъминлаш мақсадида поездлар оралиғи қисқартирилди. ЙҲХБ маълумотларига кўра, кўрилган чоралар эрталабки тирбанд вақтда метрополитеннинг барқарор ишлашини таъминлаш имконини берди.

Вазиятни бошқариш маркази бекатлар ва йўналишлардаги ҳолатни реал вақт режимида кузатиб борди. Мониторинг давомида поездлар ҳаракатида узилишлар ва ноқулайликлар қайд этилмади. Бекатларда йўловчилар тўпланиши ҳам кузатилмади.

Бундан ташқари, эрталабки тирбанд вақт давомида йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар юз бермади.

ЙҲХБда метрополитен ва жамоат транспортининг бошқа турлари фаолияти доимий назоратда қолиши таъкидланди.

Асосий эътибор йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шароитларни таъминлашга қаратилмоқда.