Тошкент, Ўзбекистон — 8 июль куни Минск шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Беларусь Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Савдо уйи Беларусь Республикаси, Минск шаҳри, Ғолиблар проспекти, 63В манзилида жойлашган бўлиб, умумий майдони 261,3 кв.мни ташкил этади. Бу ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар доимий равишда намойиш этилади ва Беларусь бозорига улгуржи нархларда таклиф этилади.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Юрий Шулейко, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ҳамда Беларусь Савдо-саноат палатаси раиси Михаил Мятликов иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Даврон Вахабов Савдо уйида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника, уй-рўзғор буюмлари, тўқимачилик ва бошқа экспортбоп маҳсулотлар намойиш этилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард АҚШ долларига яқинлашганини, давлат раҳбарлари эса бу кўрсаткични 2 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифасини белгилаганини қайд этди.
Янги Савдо уйи миллий маҳсулотларни Беларусь бозорида кенг тарғиб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги савдо имкониятларини яратиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
Савдо уйининг очилиши Ўзбекистон ва Беларусь Савдо-саноат палаталари ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг амалий натижаси бўлди. Хусусан, 2026 йил февраль ойида Беларусь ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида қарийб $110 миллионлик шартнома ва келишувлар имзоланган эди.
