in

Жаҳон банки Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилиги ислоҳотини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 19–20 ноябрь кунлари Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Жаҳон банки делегацияси билан солиқ маъмуриятчилиги масалалари бўйича техник маслаҳатлашувлар ўтказди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Делегацияга Жаҳон банкининг давлат бошқаруви масалалари бўйича етакчи мутахассиси Ян Лоеприк раҳбарлик қилди. Учрашувлар Глобал солиқ дастури (Global Tax Program — GTP) миссияси доирасида ташкил этилди.

Маслаҳатлашувларда Солиқ қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.

Томонлар солиқ маъмуриятчилигида таҳлилий воситалар ва сунъий интеллект технологияларини қўллаш имкониятларини кўриб чиқди. Хусусан, ушбу технологиялардан солиқ маълумотларини таҳлил қилиш ва солиқ хатарларини бошқаришда фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Маслаҳатлашувларнинг алоҳида қисми халқаро солиққа тортиш масалаларига бағишланди. Иштирокчилар трансферт нархини шакллантириш, ўзаро боғлиқ шахслар ўртасидаги битимларни солиққа тортиш ҳамда халқаро солиқ битимларини қўллаш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, солиқ маълумотларини алмашиш ва глобал минимал солиқ масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар вакиллари ушбу йўналишларда амалда бўлган ҳуқуқий ва маъмурий механизмлар юзасидан фикр алмашди.

Учрашувлар якунида Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонга солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва солиқ органлари ходимларининг малакасини ошириш борасида келгусида техник кўмак кўрсатиш бўйича таклифлар тайёрлайди.

Шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.