Тошкент, Ўзбекистон — Minor Hotels халқаро меҳмонхона гуруҳи Ўзбекистон пойтахтида NH Tashkent меҳмонхонасини очиш бўйича франчайзинг шартномасини имзолади. Объектни 2027 йил бошида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Шартномани имзолаш маросими 2026 йил 4 ноябрь куни бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раисининг ўринбосари Санжар Таджиев, Minor Hotels раҳбарияти ва NH Hotels & Resorts бренди вакиллари иштирок этди.
Меҳмонхона жами 151 та хонага мўлжалланган бўлиб, улар орасида стандарт хоналар, Junior Suite ва Deluxe тоифасидаги хоналар мавжуд бўлади. Меҳмонлар учун миллий ва халқаро таомлар таклиф этиладиган ресторан, спорт зали ҳамда ишбилармонлик учрашувлари, халқаро конференциялар ва бошқа тадбирларни ўтказишга мўлжалланган конференц-зал ташкил этилади.
Санжар Таджиевнинг таъкидлашича, халқаро меҳмонхона операторлари билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг глобал бронлаш платформалари, корпоратив мижозлар ва халқаро савдо каналларига кириш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса ишбилармонлик ва тадбирлар туризмини ривожлантириш, хорижий меҳмонларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда туристик хизматлар экспортини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
NH Tashkent меҳмонхонасининг очилиши пойтахтда халқаро даражадаги меҳмонхона хизматлари таклифини кенгайтиради ҳамда ишбилармонлик сафарлари ва MICE-туризм инфратузилмасини тўлдиради.
Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 32 та халқаро меҳмонхона бренди фаолият юритмоқда. Уларнинг бошқаруви остида 52 та меҳмонхона мавжуд.
NH бренди ўз тарихини 1978 йилда Испанияда биринчи меҳмонхона очилиши билан бошлаган. Ҳозирги кунда NH Hotels & Resorts тармоғи 25 та мамлакатдаги 201 та меҳмонхона ва курортни бирлаштиради.
Minor Hotels халқаро гуруҳи олти қитъада 560 дан ортиқ меҳмонхона объектини бошқаради. Унинг портфелига, шунингдек, Anantara, Avani, NH Collection, nhow, Oaks ва Tivoli брендлари ҳам киради.
