Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Самарқандда бўлиб ўтаётган «Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари» мавзусидаги Жаҳон саммитида иштирок этиш учун мамлакатга келган БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг минтақавий директори Эдуар Бейгбедер билан учрашди.
Томонлар болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштириш ва болалар манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борада ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.
Болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ижросига, жумладан, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга алоҳида эътибор қаратилди. ЮНИСЕФ экспертлари билан биргаликда тегишли нормаларнинг ҳудудларда қўлланилишини ўрганиш, болаларга кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини баҳолаш ва ушбу ишлар натижалари асосида амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, болаларнинг қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратиш, мутахассислар ва ота-оналарга амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини кўриб чиқди.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитида тарбиялаш имкониятларини кенгайтириш ҳам учрашув мавзуларидан бири бўлди.
ЮНИСЕФ Ўзбекистонда ушбу йўналишда ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини қайд этаётгани таъкидланди.
Учрашув иштирокчилари оилавий болалар уйларида тарбияланаётган болаларни қўллаб-қувватлаш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларга ёрдам бериш, шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ва хизматлар сифатини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Бундан ташқари, ижтимоий дастурларни самарали амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ЮНИСЕФнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури доирасидаги ишларни мувофиқлаштириш, белгиланган вазифаларни бажариш ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
