in

Ўзбекистонлик нейрохирурглар Японияда малака оширади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон нейрохирурглар ва нейрореабилитация мутахассисларини Япониянинг етакчи клиникаларига ўқиш ва малака ошириш учун юборишни режалаштирмоқда. Бу масала Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адиловнинг Япония–Ўзбекистон «Ипак йўли» жамғармаси (JUSRF) Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Кеничи Мацумото билан учрашувида муҳокама қилинди.

Томонлар тиббиёт, тиббий таълим ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди. Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида амалга оширилаётган Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш лойиҳаси бўлди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион долларни ташкил этади, уни амалга ошириш 2025–2032 йилларга мўлжалланган. Лойиҳа Неврология ва нейрореабилитация миллий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш, Самарқанд ва Бухоро тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари учун ускуналар етказиб бериш, шунингдек, тегишли йўналишлардаги мутахассисларни тайёрлашни назарда тутади.

Элдор Адилов Ўзбекистон шифокорларининг Япония клиникаларида таълим олиши, қўшма таълим дастурлари ва ўрта тиббиёт ходимлари учун стажировкалар ташкил этилишидан манфаатдор эканини таъкидлади. Замонавий технологиялар, амалий кўникмалар ва беморларни парваришлаш усулларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган. Вазир, шунингдек, жамғарма Япониянинг тегишли муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга кўмаклашишидан умид билдирди.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистонда Япониянинг ваколатли органлари томонидан рўйхатдан ўтказилган дори воситалари ва тиббий ускуналарни белгиланган тартибда тан олиш ҳамда тегишли талабларга риоя қилиш асосида рўйхатдан ўтказиш механизми назарда тутилган.

Музокаралар якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.