Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда 2026 йил 15 октябрдан 30 ноябргача бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. У юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳамда расмий рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётган субъектларни қамраб олади.
Тегишли чора-тадбирлар 2026 йил 9 октябрдаги 557-сон Ҳукумат қарори билан тасдиқланган.
Рўйхатга олишнинг ҳисоб санаси сифатида 2026 йил 1 октябрь, соат 00:00 белгиланган. Бироқ жараённинг ўзи ноябрь ойи охиригача давом этади.
Юридик шахслар маълумотларни hisobot.stat.uz портали орқали мустақил равишда киритишлари мумкин. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар эса census.stat.uz портали орқали маълумот тақдим этадилар.
Ваколатли ходимлар иқтисодий бирликларни бевосита улар фаолият юритаётган жойда рўйхатга олади. Сўровлар ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача ўтказилиши режалаштирилган.
Респондентлар ҳақидаги маълумотлар махфий сақланади ва фақат статистик мақсадларда ишлатилади. Маслаҳат бериш ва мурожаатларни қабул қилиш учун 1851 қисқа рақами орқали колл-марказ ташкил этилади.
Рўйхатга олиш якунланганидан кейин ўн кун ичида танланма назорат текшируви ўтказилади. У рўйхатга олинган иқтисодий бирликларнинг 5 фоизигача бўлган қисмини қамраб олади.
Бизнесни рўйхатга олишнинг якуний натижаларини 2027 йил 1 сентябрдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиш режалаштирилган.
