Тошкент, Ўзбекистон — 14 октябрга ўтар кечаси ноқулай метеорологик шароитлар таъсирида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати қисқа муддатга ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Прогнозларга кўра, тунги ва эрталабки соатларда халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича ҳаво сифати асосан «сезгир аҳоли гуруҳлари учун носоғлом» даражасига мос келади. Миллий стандарт бўйича эса у «яхши» деб баҳоланади.
Айрим ҳудудларда ҳаво сифати қисқа муддатга «носоғлом» даражага ҳам етиши мумкин. Миллий стандарт бўйича бу ҳолат «ўртача» тоифага тўғри келади.
Глобал метеорологик моделлар маълумотлари ва Ўзгидромет прогнозларига кўра, тунда ҳаво ҳарорати 11 даражагача пасайиши, шамол тезлиги эса секундига 0–2 метрни ташкил этиши мумкин.
Бундай шароитда ерга яқин ҳаво қатламининг тез совиши ва юқоридаги ҳавонинг нисбатан илиқлигича қолиши натижасида ҳарорат инверсияси юзага келиши мумкин.
Шамолнинг сустлиги ва ҳарорат инверсияси атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклайди. Шу сабабли майда заррачалар — PM2.5 ва PM10 ер юзаси яқинида тўпланиб, тунги ва эрталабки соатларда уларнинг концентрацияси вақтинча ошиши мумкин.
Кундузи ер юзаси исиши, ҳарорат инверсиясининг сусайиши ва ҳавонинг вертикал аралашуви кучайиши натижасида ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда. Аҳолига кечки вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт бўлишдан сақланиш тавсия этилмоқда.
Айни пайтда атмосфера ҳавоси сифати махсус комиссия томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
