in

Устюрт минтақасида янги газ-конденсат кони очилди

Тошкент, Ўзбекистон — Устюрт минтақасининг марказий қисмида олиб борилган геологик қидирув ишлари натижасида янги Қоратоғ газ-конденсат кони очилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» АЖ хабар берди.

Қоратоғ майдони маъмурий жиҳатдан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган. Қидирув ишлари доирасида бу ерда чуқурлиги 4 860 метр бўлган №1 қудуқ қазилди.

3 октябрь куни қудуқни синаш жараёнида 3 273–3 213 метр чуқурликдаги қуйи юра ётқизиқларидан табиий газ ва конденсатнинг саноат миқёсидаги оқими олинди. Синов натижаларига кўра, янги газ-конденсат кони очилгани тасдиқланди.

Қоратоғ майдонидаги кейинги ишлар жорий йил охирига қадар давом эттирилади. Режага кўра, бу ерда №2 қидирув қудуғини бурғилаш ишларини якунлаш, шунингдек, №3 ва №4 қидирув-разведка қудуқларини бурғилашга киришиш режалаштирилган.

«Ўзбекнефтегаз» маълумотларига кўра, Қоратоғ майдонида олиб борилган геологик қидирув ишларидан олинган натижалар Устюрт минтақасида углеводородларнинг чуқур қатламларини ўрганишнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш учун имконият яратади.