Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузурида инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясининг умуммиллий концепциясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳни тузиш мамлакат Президенти томонидан Таълим ва фан вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармон имзоланиши чоғида белгилаб берилган таълим тизимини ривожлантиришга янги ёндашувлар доирасида назарда тутилган.
Ишчи гуруҳ бозор эҳтиёжларини ҳисобга олиши, таълим сифатини оширишга, рақобатни ривожлантиришга ва хусусий секторнинг соҳадаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши лозим бўлган концепцияни тайёрлашга эътибор қаратади.
Ишчи гуруҳга жамоатчилик асосида тадбиркор Зафар Ҳошимов раҳбарлик қилади.
Унинг таркибига таълим муассасалари ва самарали таълим тизимларини яратиш тажрибасига эга тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда халқаро экспертларни киритиш режалаштирилган.
Ишчи гуруҳни шакллантириш инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим тизимига ёндашувларни ишлаб чиқиш жараёнида бизнес вакиллари, академик ҳамжамият ҳамда соҳа экспертларининг иштирокини таъминлашга қаратилган.
