in

Ўзбекистонда реклама учун уч карра тарифни бекор қилиш таклиф этилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда ташқи реклама ва ахборот конструкциялари истеъмол қиладиган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш тартибини ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида бундай объектлар, шунингдек, иллюминация ва ёруғлик гирляндалари учун амалдаги уч карра оширувчи коэффициентдан воз кечиш назарда тутилган. Ҳужжат 14 октябрга қадар давом этадиган жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Ҳозирда ташқи реклама ва ахборот конструкциялари учун электр энергияси ҳақини ҳисоблашнинг махсус тартиби амал қилади. Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 81-бандига мувофиқ, истеъмол 24 соат давомида ўрнатилган қувватдан фойдаланиш асосида ёки алоҳида ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича аниқланади.

Бунда электр энергияси қиймати II тариф гуруҳи тарифига 3 коэффициентини қўллаган ҳолда ҳисобланади. Ушбу гуруҳнинг 1 июндан амал қилаётган базавий тарифи 1 кВт·соат учун 1100 сўмни ташкил этади.

Лойиҳа ишлаб чиқувчилари амалдаги Қоидалардан 81-бандни чиқариб ташлашни таклиф қилмоқда. Бу реклама конструкциялари томонидан фойдаланиладиган электр энергияси учун қўшимча уч карра тариф оширилишисиз одатий тўлов тартибини қўллаш имконини беради.

Ўзгаришлар ташқи реклама ва ахборот конструкцияларининг турли хилларига, жумладан, видеэкранлар, электрон дисплейлар, медиафасадлар ва бошқа техник воситаларга тааллуқли бўлади. Янги қоидаларни иллюминация ва ёруғлик гирляндаларига ҳам татбиқ этиш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳада бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларга амалдаги уч карра коэффициент татбиқ этилмаслиги алоҳида қайд этилган.

Ҳужжатда бошқа таклифлар ҳам мавжуд. Хусусан, тадбиркорларга ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда аниқланган қоидабузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этиш имкониятини бериш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, техноген хавфи юқори бўлган зоналарнинг кадастр паспортини расмийлаштириш жараёнини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш таклиф қилинмоқда.