Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни кучайтириш ва вояга етмаганларга қарши жиноятлар учун жавобгарликни оширишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.
Ҳужжат Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси ташаббуси билан киритилган бўлиб, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, шунингдек, қатор бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Жумладан, 14 ёшга тўлмаган шахсни номусига тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда зўрлик ишлатиб қондириш учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятларга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги айрим нормаларни қўллашни чеклаш назарда тутилган. Болаларнинг жинсий эркинлигига қарши қатор жиноятлар учун жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатларини қўлламаслик таклиф қилинмоқда.
Вояга етмаганга қасддан оғир ёки ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан бузуқ ҳаракатлар содир этишни жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, вояга етмаганларни ғайриижтимоий хулқ-атворга жалб қилиш, болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаслик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Ўзгартишларнинг алоҳида қисми зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларнинг процессуал ҳуқуқларига тааллуқли. Бундай болаларнинг сўроқ қилиниши мажбурий тарзда видеотасвирга олиниши таклиф этилмоқда. Жинсий эркинликка қарши жиноят қурбони бўлган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўртасидаги юзлаштириш васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирокида махсус тартибда ўтказилиши керак.
Шунингдек, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси болалар ўртасида уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотни тарқатганлик учун жавобгарликни белгилайди. Айрим нормалар болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик ёки уларнинг ижросига тўсқинлик қилишга тааллуқли.
Ўзгартишлар таълим соҳасини ҳам қамраб олади. Таълим ташкилоти ходимининг таълим ва тарбия жараёнида болага нисбатан зўравонлик ишлатиши иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга киритилишидан олдин соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида такомиллаштирилди. Депутатлар жамоатчилик муҳокамаси давомида келиб тушган таклифларни ўрганиб, уларнинг асосланганларини инобатга олди.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексида жинсий зўравонликка учраган вояга етмаганларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш, вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш жараёнини мажбурий видеотасвирга олиш ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг иштирок этишига оид нормалар аниқлаштирилди.
Шунингдек, болалар ўртасида тақиқланган ахборотни тарқатганлик ва болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини бажармаслик учун жавобгарликка оид қоидаларга тузатишлар киритилди. «Таълим тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар амалиётда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда такомиллаштирилди.
Муҳокама давомида депутатлар болаларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ҳамда бундай жиноятлар учун жавобгарликни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.
