in

Embraer Ўзбекистонга биринчи C-390 Millennium самолётини топширди

Тошкент, Ўзбекистон — Embraer компанияси 25 сентябрь куни Бразилиянинг Гавиан-Пейшоту шаҳридаги корхонасида Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига биринчи C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини топширди. Бу ҳақда Embraer хабар берди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурхонов ва «O‘ztextreyd» давлат муассасаси директори Олимхон Рустамов иштирок этди.

Самолётни етказиб бериш бўйича шартнома 2024 йил охирида имзоланган. У, шунингдек, комплекс ўқув ва техник қўллаб-қувватлаш пакети, шунингдек, эҳтиёт қисмлар етказиб беришни ҳам назарда тутади.

Embraer Ўзбекистон C-390 Millennium самолётидан фойдаланаётган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланганини маълум қилди. Компанияга кўра, самолётнинг етказиб берилиши мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларини модернизация қилиш ва ҳаво мобиллиги соҳасидаги имкониятларни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади.

«Биринчи C-390 Millennium самолётининг етказиб берилиши Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларини модернизация қилишда муҳим қадамдир. Самолётнинг юқори кўрсаткичлари, универсаллиги ва турли вазифаларни бажариш имкониятлари бизга кенг кўламдаги миссияларни янада самарали ва тезкор амалга ошириш имконини беради», — деди Аҳмад Бурхонов.

Embraer Defense & Security президенти ва бош директори Боско да Коста Жуниор компания Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига биринчи C-390 Millennium самолётини топширганидан ва Ўзбекистонни ушбу самолётдан фойдаланувчи давлатлар қаторида кўришдан мамнун эканини таъкидлади.

C-390 Millennium 26 тоннагача юк кўтариши ва соатига 470 узелгача тезликда ҳаракатланиши мумкин. Самолёт турли вазифаларни бажаришга мўлжалланган бўлиб, улар қаторига юклар ва шахсий таркибни ташиш, техника ва ходимларни десантлаш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув операциялари, ёнғинларни ўчириш ҳамда гуманитар миссиялар киради.

Самолёт вақтинчалик ёки тупроқ қопламали учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Ҳавода ёқилғи қуйиш ускунаси ўрнатилганда, C-390 Millennium ҳаво танкери ва ёқилғи қабул қилувчи самолёт вазифаларини ҳам бажара олади.

Бразилиядан ташқари, C-390 Millennium самолётидан Португалия, Венгрия, Жанубий Корея, Нидерландия, Австрия, Чехия, Ўзбекистон, Швеция, Бирлашган Араб Амирликлари, Словакия, Колумбия ва Литва ҳарбий-ҳаво кучлари фойдаланиш учун танлаган.