in

Тошкент вилояти Хунань билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Хитойнинг Хунань провинцияси маъмурий марказида «Хунань провинциясининг 2026 йилги халқаро биродар шаҳарлари ва ҳамкор ҳудудлари» савдо-иқтисодий тадбири ҳамда мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Мамажонов иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Хунань провинцияси Халқ ҳукумати кўмагида ташкил этилган тадбирда 28 та давлатдан давлат органлари, савдо-саноат бирлашмалари ва компаниялар вакиллари, шунингдек, дипломатик корпус аъзолари иштирок этди.

Жаҳонгир Мамажонов очилиш маросимида иштирокчиларга қутлов сўзи билан мурожаат қилди. Асосий эътибор Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.

Хитойнинг етакчи компаниялари билан янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Тадбир доирасида соҳавий учрашувлар, тақдимотлар ва B2B музокаралар ўтказилди. Уларда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, бизнес ва ҳудудлар вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир Хунань провинциясининг хорижий ҳудудлар билан савдо-инвестициявий алоқаларини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.

Учрашувлар якунлари бўйича ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой вакиллари ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.