Тошкент, Ўзбекистон — Япониянинг Нагоя шаҳрида 19 сентябрь куни XX ёзги Осиё ўйинлари — Aichi-Nagoya-2026 мусобақасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Қитъа мусобақасида Ўзбекистон номидан 42 та спорт турида иштирок этадиган 396 нафар спортчи қатнашмоқда.
Очилиш маросими Mizuho Park Athletic Stadium стадионида ўтказилди. Ўйинларни Япония императори Нарухито очиб берди. Мусобақалар 16 кун давом этади ва 4 октябрь куни якунланади.
Маросим «Harmonic Heart Beat» шиори остида ўтказилди. Дастурда Ўйинлар тумори Хонохон ҳам иштирок этди. Нагоя қалъаси макети фонида кабуки театри актёри иштирокида саҳна кўриниши намойиш этилди, япониялик скрипкачи Хакасэ Таро эса мусиқий дастур тақдим қилди. Маросим бошланишидан олдин Япония Ўзини ўзи мудофаа кучларининг «Blue Impulse» авиашоу гуруҳи стадион устидан парвоз қилди.
Маросимда император Масако, валиаҳд шаҳзода Акисино рафиқаси билан, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Кирсти Ковентри, Осиё олимпия кенгаши президенти шайх Жоан бин Ҳамад Ол Соний ҳамда Ўйинларнинг ташкилий қўмитаси раҳбари, Айти префектураси губернатори Хидеаки Омура иштирок этди.
Осиё ўйинларининг олови 1958 ва 1994 йилларда қитъа мусобақаларига мезбонлик қилган Токио ва Хиросима шаҳарларидан олиб келинди.
Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бокс бўйича жаҳон чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев ва Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг қиличбозлик бўйича чемпиони Гулистан Пердебаева бўлди.
Ўзбекистон Ўйинларда 42 та спорт турида иштирок этади. Уларнинг 36 таси олимпия, олтитаси эса олимпиада дастурига киритилмаган спорт турларидир. Делегация таркибида 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл спортчи бор.
Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида илк бор пляж волейболи, волейбол, елканли спорт, сквош ва ММА бўйича иштирок этади. Камондан отиш, чим устидаги хоккей, теннис, серфинг, триатлон ва сквош каби қатор спорт турларида спортчилар 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига лицензиялар учун ҳам кураш олиб боради.
Ханчжоудаги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жадвалида бешинчи ўринни эгаллаб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритган эди. Арипов спортчиларни ушбу натижани яхшилашга чақирди.
V Параосиё ўйинлари ҳам Японияда 18–24 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Уларда Ўзбекистон номидан 11 та спорт турида 153 нафар спортчи иштирок этади.
