Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзбекнефтегаз» АЖ улушга эга бўлган қўшма корхоналар фаолияти устидан назоратни кучайтирмоқда. Бунга бошқарув, молиявий интизом ва ҳисобот юритишдаги муаммолар аниқлангани сабаб бўлди. Масала компания бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов раислигида муҳокама қилинди.
Танқидий ва таҳлилий муҳокама давомида «Natural Gas-Stream», «New Silk Road Oil and Gas» ва «ANDIJANPETRO» қўшма корхоналарининг фаолияти кўриб чиқилди. Дастлабки таҳлил иш жараёнларини ташкил этиш, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларда қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
«Ўзбекнефтегаз»да қўшма корхоналарнинг акциядорлик жамияти олдидаги ҳисобдорлик механизмлари тўлиқ ишламаётгани ҳам қайд этилди. Шу билан бирга, йилдан-йилга қазиб олиш ҳажмларининг камайиши, инвестиция маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги, молиявий барқарорликнинг етарли эмаслиги ҳамда дивидендларни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилмаётгани билан боғлиқ масалалар аниқланган.
Компания баҳосига кўра, муаммоларнинг чуқурлашишига таъсисчининг қўшма корхоналар фаолияти устидан зарур назоратни амалга оширмагани ҳам сабаб бўлган.
«Ўзбекнефтегаз» ўз улушига эга бўлган корхоналар устидан корпоратив назоратни кучайтиришни режалаштирмоқда. Улардан корпоратив бошқарув тамойилларига риоя қилиш, таъсисчининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичларнинг шаффофлигини таъминлаш талаб этилади.
Янги тизим доирасида корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, геология-қидирув ишлари ва геология-техник тадбирлар самарадорлиги қайта таҳлил қилинади. Шунингдек, «Ўзбекнефтегаз» олдидаги қарздорликлар инвентаризациядан ўтказилади.
Молиявий оқимлар ва харидлар устидан назоратни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Қўшма корхоналарда режалаштирилаётган барча тадбирлар, инвестиция лойиҳалари ва иш жараёнлари «Ўзбекнефтегаз» билан келишилиши керак бўлади. Уларнинг ҳар бири амалга оширилишидан олдин зарурати, иқтисодий самарадорлиги ва қиймати баҳоланади.
Компания қўшма корхоналарнинг молиявий ҳолати ва дивиденд сиёсатини ҳам қайта кўриб чиқади. Корхоналар олдига 2025–2026 йиллар учун дивидендларни тўлиқ ва ўз вақтида тўлаш, мавжуд қарздорликни қоплаш ҳамда келгуси мажбуриятларнинг бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш вазифаси қўйилди.
«Ўзбекнефтегаз»да янги чора-тадбирлар маблағлардан мақсадсиз ёки самарасиз фойдаланишнинг олдини олиш, харажатлар ва қабул қилинаётган қарорлар устидан назоратни таъминлаши кераклиги маълум қилинди.
Пировард мақсад ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва соф фойдани ошириш орқали самарали бошқариладиган, молиявий барқарор ва даромадли қўшма корхоналарни шакллантириш этиб белгиланди.
