in

Ўзбекистонда балиқ овлаш тўрлари учун миллий стандарт тасдиқланди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда «Балиқ овлаш тўрлари. Техник шартлар» миллий стандарти тасдиқланди.

Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳузуридаги Экологик ҳудудларни ривожлантириш ва овчилик хўжалиги департаменти томонидан O'zMSt 945:2026 «Балиқ овлаш тўрлари. Техник шартлар» янги миллий стандарти ишлаб чиқилди.

Ҳужжат овлаш қуролларидан фойдаланишда белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлаш, сув биоресурсларини муҳофаза қилиш, шунингдек, балиқ овлаш тўрларининг техник ва экологик меъёрларга мувофиқлигини тасдиқлашга қаратилган.

Стандарт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги 80-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу қарор саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларга нисбатан миллий стандарт ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни назарда тутган.

Ҳужжат Ўзбекистон стандартлар институтининг 2026 йил 21 июлдаги 24/MSt-26-сон буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Миллий стандартлар фондига киритилди.

Стандарт саноат усулида балиқ овлашда қўлланиладиган тўрларнинг ўлчами ва мустаҳкамлигига, уларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва материалларга нисбатан талабларни белгилайди. Шунингдек, тўрларнинг сув экотизимларига салбий таъсирини олдини олишга қаратилган меъёрлар ҳам белгиланган.

Стандартнинг жорий этилиши балиқ овлаш тўрларининг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини таъминлаш, улардан фойдаланишда экологик хавфсизликни ошириш ва сув биоресурсларини муҳофаза қилишни кучайтириш имконини беради.

Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ўзининг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда стандарт талабларини амалиётга жорий этиш бўйича зарур чораларни кўришни режалаштирмоқда. Шунингдек, балиқчилик соҳаси вакиллари ўртасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.