in

Ўзбекистон метрополитени йўловчилар ташиш ҳажмини 7 фоизга оширди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон метрополитени 155,6 миллион нафар йўловчи ташиди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Идора маълумотларига кўра, 2025 йилда метрополитен хизматларидан 286,8 миллион нафар йўловчи фойдаланган. Бу 2000 йилга нисбатан 161,1 миллион нафарга ёки қарийб 2,3 баробарга кўпдир. 2000 йилда йўловчи ташиш ҳажми 125,7 миллион нафарни ташкил этган.

2000 йилдан кейин йўловчилар оқими босқичма-босқич камайиб бориб, 2015 йилда энг паст кўрсаткич — 52,3 миллион нафарга етган.

2017 йилдан бошлаб йўловчилар сони яна ўсишни бошлаган. Хусусан, 2017 йилда 61,6 миллион нафар, 2019 йилда эса 79,2 миллион нафар йўловчи ташилган.

2020 йилда COVID-19 пандемияси фонида йўловчи ташиш ҳажми 38,8 миллион нафаргача қисқарган.

Пандемия билан боғлиқ чекловлар бекор қилингач, йўловчилар оқими тез суръатларда тиклана бошлади. 2021 йилда метро 101,8 миллион нафар, 2022 йилда 136,7 миллион нафар, 2023 йилда эса 172 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатган.

Энг юқори ўсиш 2024 йилда қайд этилган бўлиб, ўша йили йўловчилар сони 270,3 миллион нафарга етган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 286,8 миллион нафарга чиқиб, кузатув давридаги энг юқори натижа сифатида қайд этилган.