in

Шерзод Шерматов WAIC 2026 конференциясининг очилишида иштирок этди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Шанхай шаҳрида ўтаётган Сунъий интеллект бўйича бутунжаҳон конференцияси (World Artificial Intelligence Conference, WAIC)нинг очилиш маросимида иштирок этди.

Очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳам қатнашди. У ўз нутқида сунъий интеллектни ривожлантириш, уни хавфсиз ва масъулиятли тарзда қўллаш, шунингдек, мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

WAIC 2026 дастури сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, инновациялар ҳамда сунъий интеллект соҳасида глобал бошқарув масалаларига бағишланган 140 дан ортиқ форум, панел сессиялари ва мавзули муҳокамаларни ўз ичига олади.

Конференция ишида турли мамлакатлардан 1 400 нафардан ортиқ эксперт ва соҳа вакиллари, шунингдек, 1 100 дан зиёд компания иштирок этмоқда.

Форум доирасида илк бор 300 дан ортиқ янги технологик маҳсулот ва ечимлар намойиш этилмоқда.

WAIC иштирокчилари сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибалар алмашиш, ИИ технологияларини иқтисодиётнинг турли тармоқларига жорий этиш, шунингдек, мазкур йўналишда глобал тартибга солиш ва бошқарув механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда.