Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси коррупциянинг олдини олиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутувчи Ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Имзолаш маросимида ички ишлар вазирининг ўринбосари Рустам Мирзаев, Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Садиқов, ҳар икки ташкилот вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида коррупциянинг олдини олишнинг замонавий тизими нафақат содир этилган ҳуқуқбузарликларни аниқлашга, балки энг аввало уларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бу вазифани самарали ҳал этиш учун қонунчиликни қўллаш бўйича амалий тажрибага эга профессионал ҳамжамият иштирокининг муҳимлиги қайд этилди.
Меморандумга мувофиқ, томонлар профессионал ҳамкорлик учун доимий фаолият юритувчи мулоқот майдонини ташкил этади.
Унинг доирасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ масалаларни биргаликда таҳлил қилиш, коррупциявий хавф-хатарларнинг тизимли сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, қонунчиликни такомиллаштиришга доир ташаббусларни муҳокама қилиш, шунингдек, қўшма семинарлар, ўқув тадбирлари, илмий-амалий конференциялар ўтказиш ва профессионал тажриба алмашиш режалаштирилган.
Қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ягона ёндашувларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Маросим давомида таъкидланганидек, меморандумнинг имзоланиши давлат органи билан мустақил профессионал ҳамжамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини ошириш ҳамда янада самарали ташкилий ва ҳуқуқий қарорларни қабул қилишга хизмат қилади.
Келишувни амалга ошириш ҳар икки томоннинг қонунчиликда белгиланган ваколатлари ва мустақиллигига риоя этилган ҳолда олиб борилади.
Ҳамкорликнинг якуний мақсади сифатида қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупция профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ички ишлар органлари ва адвокатура институтига бўлган жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш белгиланди.
