in

Сенат қурилиш соҳасида назоратни кучайтиришни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон — Сенатнинг бугунги ялпи мажлисида “Қурилиш соҳасида давлат назорати ва бошқаруви янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратиш, қурилиш ишларининг сифати ҳамда шаффофлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қурилиш жараёнлари устидан давлат назоратининг самарадорлигини ошириш, биноларнинг сейсмик хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек шаҳарсозлик ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.

Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, кўп квартирали уйларни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда ва шунга кўра Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддалари мувофиқлаштирилмоқда.

Шунингдек “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақидаги хабарнома юборилиши ўрнига қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияларидан ушбу ишларни бошлаш учун рухсатнома олинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Шаҳарсозлик кодексига ҳамда “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилмоқда ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари таркибига мастер-режа ҳам киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун қурилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат назоратининг таъсирчанлигини ошириш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз муҳит яратиш, шунингдек шаҳарсозлик фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.