in

Тошкентда ташқи савдо прогнозлаш бўйича семинар бўлиб ўтмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — 6–9 июль кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташқи савдони прогнозлаш масалаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтмоқда.

Семинар доирасида Германиянинг Киел Жаҳон Иқтисодиёти Институти (Kiel Institute for the World Economy) профессор ва экспертлари ташқи савдони таҳлил қилиш ва прогнозлашнинг замонавий усуллари, жумладан гравитацион моделлаштириш ҳамда умумий мувозанат моделларидан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ўтказмоқда.

Семинарда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда ташқи савдо ва иқтисодий ривожланиш йўналишида фаолият юритувчи бошқа давлат органлари вакиллари иштирок этмоқда. Улар Ўзбекистоннинг статистик маълумотлари асосида ташқи савдонинг турли ривожланиш сценарийларини моделлаштириб, замонавий таҳлилий воситаларни амалиётда қўллаш кўникмаларини мустаҳкамламоқда.

Семинар якунлари бўйича пилот тадқиқотларни тайёрлаш, илғор халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда илмий асосланган савдо сиёсатини шакллантириш йўналишларида ҳамкорликни давом эттириш режалаштирилган.

Мазкур семинар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда GIZнинг ташқи савдони прогнозлаш соҳасидаги институционал салоҳиятни ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббуси доирасида ўтказилмоқда.