in

«Жалоир» маҳалласи сув тармоғига 9,5 млрд сўм ажратилди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги «Жалоир» маҳалласида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзасидан юборилган сенатор сўровидан сўнг сув қувури тармоғи қурилишини якунлаш учун 9,5 млрд сўм ажратилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар қилди.

25 май куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова Тошкент шаҳри ҳокимига сенатор сўровини юборган эди. Ҳужжатда аввал 8,7 млрд сўм маблағ ҳисобидан узунлиги 41,4 километр бўлган ичимлик суви тармоқларини қуриш режалаштирилганига қарамай, ишлар якунланмагани қайд этилган.

Натижада 300 дан ортиқ хонадон мавжуд бўлган маҳалладаги 2 мингдан зиёд аҳоли ичимлик суви билан таъминланишда муаммоларга дуч келишда давом этган. Бу эса аҳолининг кўплаб мурожаатларига сабаб бўлган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги белгиланган муддатда сенатор сўровига жавоб тақдим этди. Унда маълум қилинишича, қурилиш ишларини якунлаш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 9,5 млрд сўм ажратилган.

Лойиҳа доирасида маҳаллада 8,6 километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари қурилади. Қурилиш ишларининг буюртмачиси этиб «Ўзсувтаъминот» АЖ ҳузуридаги «Тошкент шаҳар сув инжиниринг компанияси» МЧЖ белгиланган.