Тошкент, Ўзбекистон — АҚШ Савдо вазирининг ўринбосари Девид Фогел бошчилигидаги делегация Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди. Ташриф доирасида меҳмонларга мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IТ хизматлар экспортини кенгайтириш ҳамда халқаро технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Дастлаб делегация аъзоларига T Park Uzbekistan фаолияти, резидентлар учун яратилган имкониятлар, IТ хизматлари экспорти кўрсаткичлари, хорижий компанияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар ҳамда мамлакатимизни минтақавий технологик хабга айлантиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг меҳмонлар UZINFOCOM фаолияти билан танишди. Уларга давлат ахборот тизимлари, булутли технологиялар, сунъий интеллект ечимлари, рақамли хизматлар ва мамлакатда шакллантирилаётган рақамли инфратузилма бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Ташриф доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Девид Фогел ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар давомида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, IТ хизматлари экспортини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда АҚШнинг етакчи IТ компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мамлакатда замонавий дата-марказлар инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган йирик ҳисоблаш қувватларини яратиш, булутли технологиялар хизматларини кенгайтириш ва ушбу соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Томонлар кибертаҳдидларга қарши курашиш, соҳадаги мутахассислар салоҳиятини ошириш, таълим ва малака ошириш дастурларини ривожлантириш, шунингдек, АҚШнинг етакчи компаниялари ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар рақамли трансформация, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дата-марказлар инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириши бўйича мулоқотларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
