Тошкент, Ўзбекистон — Дунёнинг йирик савдо тармоқлари ҳисобланган "Costco" ва "AEON" компанияларининг Япониядаги дўконларига Фарғонада етиштирилган мева-сабзавот ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми янада оширилади.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Чиба префектурасида жойлашган Япониянинг “Washin Trading Co., Ltd” компанияси ҳамда “Quva Agrostar” корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистон мевалари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари омборида бўлди.
Айни пайтда мазкур ҳудудда қўшимча 1500 квадрат метр майдонга эга янги омбор қурилиши якунига етказилмоқда ва яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Бу эса Фарғона вилоятидан экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини янада кенгайтириш имконини беради.
Вилоят раҳбари янги омборнинг имкониятлари билан танишди ҳамда “Washin Trading Co., Ltd” компанияси раҳбари Рамзан Сиддиқ билан ўтказилган суҳбатда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ келишувларга эришилди.
Токио шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда малина, олхўри, қовун ва қуритилган меваларни Япония бозорига янада кенг ҳажмда етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланган эди.
Шунингдек, Фарғона вилояти делегацияси мазкур ҳудудда қулупнай етиштиришга ихтисослашган кластер фаолияти билан ҳам танишди.
