Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари божхона органлари билан ҳамкорликда техник қурилма ичига яширилган наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатни аниқлади. Бу ҳақда тезкор тадбир якунлари бўйича хабар қилинди.
Тадбир давомида аввалдан кузатув остига олинган, Қорақалпоғистон Республикасида туғилган 1994 йилги фуқаро қўлга олинди. Ундан белгиланган тартибда хориждан олиб келинган сув насоси қурилмаси олиб қўйилди.
Қурилма холислар иштирокида текширилганда, унинг ичида 968 грамм «Альфа-ПВП» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланди.
Шунингдек, гумонланувчи ижарада яшаган Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги хонадонда наркотик моддаларни қадоқлаш учун ишлатилган электрон тарози, zip-пакетлар ва скотчлар топилиб, мусодара қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ушланган шахс интернет орқали фаолият юритувчи наркомаркетда «омборчи» вазифасини бажарган.
Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
