in

Ўзбекистон Nesto тармоғига озиқ-овқат экспортини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Ўмон Султонлигида йирик савдо дўконига эга бўлган “Nesto” компаниясининг ушбу давлатдаги раҳбари Саййид Халед бин Маҳфуз ал-Бусайди билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида ўзбек маҳсулотларини “Nesto” савдо тармоқлари орқали Ўмон бозорига етказиб бериш истиқболлари, логистика имкониятлари ҳамда маҳсулотлар сифатига қўйиладиган талаблар муҳокама қилинди. Асосий эътибор озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Ўмон томони Ўзбекистон маҳсулотлари сифати билан таниш эканини ва ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, Яқин Шарқ минтақасидаги ҳозирги вазият логистика занжирларида узилишларга сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Жорий йил июль ойида Маскатдан Тошкентга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши маҳсулотларни импорт қилиш имкониятларини янада кенгайтиришига ишонч билдирилди. Вазият барқарорлашгач, маҳсулотларни Эрон ёки Покистон орқали ҳам ташиб келиш мумкинлиги қайд этилди.

Саййид Халед мавжуд чекловлар бартараф этилгунига қадар ўзбекистонлик экспортёрлар билан икки томонлама музокараларни давом эттириш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Шу муносабат билан шу йилнинг 11–15 май кунлари Маскатга ташриф буюрадиган мамлакатимиз экспортчи корхоналари вакиллари билан учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришилди.