in

Ўзбекистон ва Жанубий Корея инвестицияларни кенгайтиришни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 16 апрель куни Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг Баҳорги йиғилишлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси изчил ўсиб бораётгани алоҳида қайд этилди. 

Томонлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, давлат молиясини бошқариш тизимини рақамлаштириш, жумладан Кореянинг илғор dBrain+ ва e-Hojo тизимлари тажрибасини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар, шунингдек, яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, қўшма саноат лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда инновацион технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни илгари суришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.