in

«Ўзбекнефтегаз» 30 та қудуқни бурғилаш бўйича шартнома имзолади

Тошкент, Ўзбекистон — «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамда Хитойнинг кўп йиллик тажриба ва юқори малакали муҳандисларга эга бўлган “CNPC XIBU Drilling Engineering Company Limited” компанияси ўртасида 2026–2028 йилларда Устюрт ҳудудида 30 та излов-қидирув қудуқларини бурғилаш бўйича шартнома имзоланди.

Мазкур келишув давлатимиз раҳбари томонидан қазиб чиқариш самарадорлигини ошириш, жараёнларга замонавий технологияларни жорий этиш, бу борада халқаро компаниялар билан ҳамкорликда технологик ечимларни ўрганиш ва уларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш, шунингдек, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, янги истиқболли майдонларни аниқлаш ва уларни ўзлаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида Устюрт ҳудудида янги аниқланган истиқболли майдонлардаги аномал юқори босим ва ҳароратга эга бўлган қатламларда углеводород захираларини аниқлаш мақсадида чуқурлиги 5500–6000 метр бўлган қудуқлар бурғиланиши режалаштирилган.

Ушбу ҳамкорлик геология-қидирув ишларини янги босқичга олиб чиқиш, ресурс базасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.