in

Ўзбекистон Президенти таълим ислоҳотининг мақсадларини баён қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш, олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ташкил қилиш, шунингдек, Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тақдимотлар билан танишди.

Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси портретида билим билан бир қаторда замонавий кўникмалар, ахборот технологияларини пухта эгаллаш, ижодий ва мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш қобилияти муҳим ўрин тутади. Дарсликлар ва таълим мазмунини янгилаш ишлари ана шу мақсадга қаратилган.

Янги ўқув адабиётларини тайёрлашда халқаро тажрибага мурожаат қилинди. Бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификациясидан ўтган, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилди.

Янги ёндашувда ўқувчининг ҳар бир синф якунида нимани билиши ва бажара олиши аниқ белгиланади. Таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантирилиб, мавзуларнинг ёшга мослиги, изчиллиги ҳамда билимни амалиётда қўллаш имкониятига эътибор қаратилади. 2027 йилга қадар жами 1 минг 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материални тайёрлаш режалаштирилган.

Дарсликларда танқидий фикрлаш, мулоқот, ҳамкорлик ва ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган топшириқлар ўрин олмоқда. Бола тайёр жавобни эслаб қолиш билан чекланмай, савол бериши, маълумотни таҳлил қилиши, ўз фикрини асослаши ва биргаликда ечим топиши кўзда тутилган.

Ўқув материалларида касбга йўналтириш ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Айни йўналишда 255 та дарс ишлаб чиқилган бўлиб, улар болаларга ўз қизиқишларини англаш ва келгусида касбни онгли танлашга ёрдам беришга қаратилган. Дарсликлардаги қаҳрамонлар орқали дўстлик, масъулият, жасорат ва ҳурмат каби қадриятлар ҳам болаларга яқин мисолларда очиб берилади.

Экологик саводхонликка оид 300 дан ортиқ мавзу сувни тежаш, табиатни асраш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Молиявий саводхонлик бўйича пулни ҳисоблаш, тежаш, жамғариш ҳамда харидни режалаштириш, рақамли саводхонлик бўйича эса интернетдан фойдали ва хавфсиз фойдаланиш масалалари қамраб олинган.

Тақдимотда янги дарсликларнинг самараси ўқитувчининг улар билан ишлашга тайёрлигига бевосита боғлиқ эканига алоҳида эътибор қаратилди. Шунинг учун ўзгаришлар мактабгача таълимдан бошлаб педагогларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва ўқувчилар билимини баҳолашгача бўлган жараённи қамраб олмоқда.

Хусусан, “Илк қадам” дастури асосида болаларнинг нутқи, тафаккури, мулоқот ва ижодий қобилиятларини биринчи синфга қадар ривожлантириш йўлга қўйилган. Педагогика олийгоҳларида янги авлод ўқитувчиларини тайёрлашга киришилган. Педагоглар учун танқидий фикрлаш, ижодкорлик, мулоқот ва ҳамкорликка асосланган дарсларни ташкил этиш бўйича махсус ўқув модуллари ишлаб чиқилган.

Малака ошириш дастурлари ҳам янги дарсликлар мазмунига мослаштирилди. Шу асосда 110 минг нафар бошланғич синф ўқитувчиси малака оширди. Сингапурлик ҳамкорлар билан 121 нафар мастер-тренер ва 739 нафар мураббий-ўқитувчи тайёрланиб, улар орқали 90 минг нафар педагог ўқитилди.

Дарсларда ўқувчини мавзуга қизиқтириш, мустақил тадқиқ этишга ундаш, тушунтириш, билимни қўллаш ва натижани баҳолашга асосланган усулларни кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Видеодарслар, анимация, аудиоматериаллар ва интерактив топшириқлар ҳам ўқитувчи ҳамда ўқувчи учун қўшимча имконият яратади.

Педагогларнинг касбий ўсишини баҳолаш ва рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилди. Касбий сертификатлашда ўқитувчининг фан бўйича билими билан бирга педагогик тайёргарлиги ҳам баҳоланмоқда.

Шунингдек, янги таълим мазмунига мос, аниқ мезонларга асосланган баҳолаш тизими 5 мингта мактабда жорий этилди. Бу ўқувчининг фақат маълумотни ёдлаганини эмас, балки уни тушуниши ва қўллай олишини ҳам баҳолашга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари дарсликни ишлаб чиқишнинг ўзи етарли эмаслигини, янги мазмунни таълим жараёнига самарали жорий этиш учун педагоглар тайёргарлиги, ўқитиш усуллари ва баҳолаш тизими биргаликда такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Иқтисодиёт тармоқларига иш жараёнини биладиган, замонавий кўникмаларга эга мутахассислар зарур. Шу мақсадда талабанинг олийгоҳдаги назарий таълимини корхонадаги амалий машғулотлар билан боғлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Бундан уч ой аввал ўн нафар ректор Германияга дуал таълим тизимини ўрганиш учун юборилган эди. Ушбу мамлакат тажрибасида битирувчиларнинг 70-75 фоизи ўзи амалиёт ўтаган корхонада ишлаб қолмоқда. Тақдимотда Германия тажрибасини мамлакатимиз шароитига мослаштириш ва бу жараёнда корхоналарнинг кадрлар тайёрлашдаги иштирокини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда амалий тажриба шаклланмоқда. Жумладан, Андижон вилоятида 11 минг нафар талаба 2 мингта корхонада дуал таълим асосида амалиёт ўтамоқда. Давлатимиз раҳбари барча ректорларни Андижонга юбориб, ушбу тажрибани жойида ўрганишни топширди. Германияда бўлган ректорлар ҳудудлар ҳокимларига бириктирилиб, дуал таълимни ташкил этиш бўйича аниқ стратегия ва илмий асосланган таклифлар тайёрлайди.

Учинчи ва тўртинчи босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг нафар ёшни дуал таълим билан қамраб олиш мақсади белгиланди. Дастлаб муҳандислик, ишлаб чиқариш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга устуворлик бериш таклиф этилмоқда. 2027/2028 ўқув йилида ушбу шаклдаги таълимга 75 та олийгоҳ ва 3,5 мингта корхонани жалб қилиб, 12,5 минг нафар талаба учун ўқиш ва амалиётни биргаликда ташкил этиш режалаштирилган.

Янги моделда олийгоҳ, корхона ва талаба ўртасидаги муносабатлар шартнома асосида йўлга қўйилади. Ўқув дастури корхона эҳтиёжига мослаштирилиб, талабага иш жойида малакали мураббий бириктирилади. Амалиёт ўқиш билан бир вақтда ёки соҳа хусусиятидан келиб чиқиб алоҳида даврда ташкил этилиши мумкин.

Талабаларни амалиётга қабул қилган, улар учун ўқиш шароитини яратган ва кейинчалик ишга жойлаган корхоналарни рағбатлантириш чоралари ҳам тақдимот қилинди.

Хусусан, талабага тўланган иш ҳақининг 50 фоизини субсидия сифатида қоплаш, божхона тўловлари ва амортизация бўйича имтиёзлар бериш, 25 нафардан ортиқ талабани амалиётга олган корхоналарга давлат харидларида преференциялар қўллаш таклиф қилинмоқда. Бундай қўллаб-қувватлашни инсон омилини камайтирган ҳолда рақамли платформа орқали амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, дуал таълимни самарали ташкил этган корхоналар ва олийгоҳларни рағбатлантириш учун танлов ўтказиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Бунда талабаларнинг қамрови, иш ҳақи, ўзлаштириши ва битирувчиларнинг бандлиги асосий натижа сифатида баҳоланади.

Тақдимот давомида Хитойнинг Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Мазкур ташаббус хитой тилини биладиган кадрлар тайёрлаш, олийгоҳлар, техникумлар ва мактабларда уни ўқитишни кенгайтиришга қаратилган. Ляонин университети Хитойнинг педагогика йўналишидаги етакчи олийгоҳларидан бири бўлиб, айниқса, психология, хитой тили филологияси ва таълим фанлари бўйича катта тажрибага эга.

Хива шаҳрида жойлашган филиалда халқаро хитой тили таълими, халқаро бизнес, туризм бошқаруви ва сунъий интеллект йўналишлари очилади. Таълим ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади, битирувчиларга Ўзбекистон ва Хитойда тан олинадиган диплом берилади. Жараён 2026/2027 ўқув йилида бошланиши кўзда тутилмоқда.

Филиалнинг маҳаллий олийгоҳлар билан академик ҳамкорлиги, талабалар ва педагоглар алмашинуви ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Хитой тажрибаси асосида техникумлар дастурларини такомиллаштириш, информатика ўқитувчилари учун сунъий интеллект бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари дуал таълимни ҳудудлардаги корхоналарнинг кадрларга бўлган аниқ эҳтиёжи билан боғлаш, Ляонин университети филиалида эса таълим сифати ва қабул жараёнларини пухта ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Масъулларга тегишли топшириқлар берилди.