Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти ва Хитой Фанлар академиясининг Пекиндаги Умуртқали палеонтологияси ва палеоантропология институти (IVPP) илмий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Келишув беш йилга мўлжалланган бўлиб, палеолит археологияси, қадимги ДНК ва оқсиллар, палеоантропология, шунингдек, қадимги табиий муҳитни ўрганиш соҳаларида қўшма тадқиқотлар ўтказишни назарда тутади.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ҳудудида экспедициялар ташкил этиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий мақолалар тайёрлаш ва конференциялар ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Антропология институти илмий ходимлари ва докторантлари учун IVPP лабораторияларида ҳар йили бир ойдан икки ойгача давом этадиган илмий стажировкалар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Палеонтология ва палеоантропология соҳасидаги етакчи илмий муассасалардан бири ҳисобланган IVPP билан ҳамкорлик Ўзбекистонда антропология соҳасидаги тадқиқотларни янада ривожлантиришга қаратилган.
Келишув, шунингдек, замонавий тадқиқот усулларини ўзлаштириш, ёш олимларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва халқаро илмий алоқаларни кенгайтиришни назарда тутади.
