Тошкент, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Ўзбекистонда 150 минг километрдан ортиқ дарёлар, сойлар ва каналлар мавжуд. Бу манбалар нафақат ичимлик суви ва суғориш, балки энергетика, иқтисодиёт ҳамда экология нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга.
Бугунги кунда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг катта қисми табиий газ ва кўмирга боғлиқ. Гидроэнергия улуши эса 10-12 фоиз атрофида. Шу боис, гидроэнергетикани ривожлантириш энергия тизимини барқарорлаштириш, ёқилғи ресурсларига боғлиқликни камайтириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади.
Сўнгги йилларда соҳада салмоқли натижаларга эришилди. 2017 йилда 36 та бўлган гидроэлектр станциялар сони 2025 йилда 100 тага етказилди. Уларнинг умумий қуввати 1,6 гигаваттдан 2,4 гигаваттгача ошди.
Марказий Осиёда ягона бўлган гидроагрегат ва технологик ускуналар ишлаб чиқарувчи “UzHydroPower” заводи ташкил этилди. Ўтган йили ишга туширилган Норин ГЭСлар каскадининг биринчи босқичи илк маротаба “миллий лойиҳа” моделига асосан амалга оширилиб, барча жараёнлар тўлиқ маҳаллий корхоналар томонидан бажарилди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятининг катта қисми ҳали ишга солинмагани қайд этилди. Аҳоли ва иқтисодиёт ўсиши билан электр энергиясига талаб ошиб бораётганини ҳисобга олиб, бу салоҳиятдан тўлиқ, ҳар бир дарё, сой ва каналларда фойдаланиш ҳамда янги қувватларни жадал ишга тушириш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда 2026-2032 йилларда умумий қиймати 5,8 миллиард доллар бўлган 73 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалари кўриб чиқилди. Бунинг натижасида қўшимча 3,6 гигаватт қувват яратилиши кутилмоқда.
Жорий йилда 13 та ГЭСни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларнинг умумий қуввати 114 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 537 миллион киловатт-соатни ташкил этади. Мазкур лойиҳалар доирасида 254 та иш ўрни яратилади. Бунга қўшимча Бўстонлиқ туманида 28 миллион долларлик грантлар ҳисобидан 20 мегаватт қувватли шамол электр станцияси қурилмоқда.
Йирик лойиҳалар қаторида Бўстонлиқ туманидаги Юқори Пском ГЭС қурилиши алоҳида аҳамиятга эга. Қиймати 365 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳанинг қуввати 160 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 484 миллион киловатт-соат бўлади. Бу 161 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳада маҳаллий компонентлар улуши 82 фоизни ташкил этади.
Фарғона вилояти Сўх туманида “миллий лойиҳа” тамойили асосида Сўх ГЭС қурилиши режалаштирилган. Қуввати 15 мегаватт бўладиган ушбу станция йилига 50 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, тумандаги электр эҳтиёжининг 71 фоизини барқарор таъминлашга хизмат қилади.
Юқори Тўпаланг ҳудудининг гидроэнергетика салоҳияти ҳам кўриб чиқилди. “Тўпаланг” сув омборига қуйиладиган дарё ва сойларда 42 та кичик ГЭС қуриш орқали 541 мегаватт қувват яратиш, йилига қарийб 1,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Дунё амалиётида гидро тўплаш электр станцияларини қуриш орқали энергияни сақлаш ва қайта тақсимлаш тизимлари кенг жорий этилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизда ҳам илк бор умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган 3 та шундай станцияни барпо этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, умумий қуввати 164 мегаватт бўлган 2983 та кичик ва микро ГЭС қуриш режалари муҳокама қилинди.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳам соҳа самарадорлигини оширишнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Сув омборлари ва гидроиншоотларда сув сатҳи, сув ҳажми, босим, метеомаълумотлар ва ишлаб чиқариш жараёнларини онлайн кузатиш имконини берувчи рақамли мониторинг тизимлари босқичма-босқич жорий этилади. Ҳозирда сув омборларининг хавфсизлигини таъминлаш учун 3,5 мингта назорат-ўлчов аппаратлари ўрнатилган.
Давлатимиз раҳбари гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Тақдимотда пойтахт ҳудудидаги дарё ва каналлар бўйларини ободонлаштириш, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш мақсадида сунъий кўл ва ҳавзалар барпо этиш бўйича ишлар тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Жумладан, Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтувчи 16 километр қисмини ободонлаштириш ҳисобига 306 гектар ер майдонида “Дарё бўйи” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш, яшил ҳудудлар барпо этиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш ишлари амалга оширилади. Бектемир канали бўйида 187,3 гектар майдонда “яшил белбоғ” яратилади, сайилгоҳлар барпо этилади. Пиёдалар ва велойўлаклар, ички йўллар, ёритиш тизимлари ҳамда кўприклар қурилади.
Пойтахтда 4 та сунъий кўл ва сув ҳавзаларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди. Президентимиз аҳоли учун қулай шароитлар, шаҳарда салқин микроиқлим яратишга бу камлик қилишини қайд этиб, кўллар сонини 12 тага етказишни топширди.
