Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йилнинг биринчи ярми учун "Маҳалла ва жамиятни ривожлантириш йили"да "Ўзбекистон 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботини кўриб чиқди. Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров тақдим этди. Муҳокама якунлари бўйича депутатлар ҳисобот бўйича тегишли қарор қабул қилишди.
Қайд этилганидек, жаҳон иқтисодиётида мураккаб ва юқори ноаниқликлар сақланиб қолаётган шароитда мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 8,5 фоизни ташкил этиб, ЯИМ ҳажми 1 072,7 триллион сўмга етди. Саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 9,2 фоиз, қурилишда 13,7 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш қайд этилди.
Давлат бюджети харажатлари 205,6 триллион сўмни ташкил этиб, шундан 105,8 триллион сўм ижтимоий соҳаларга йўналтирилди.
Инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятда ҳам юқори натижалар қайд этилди. Биринчи ярим йилликда 28,1 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 134 фоизга ўсди. Шундан 26 миллиард доллари тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳиссасига тўғри келди. Экспорт ҳажми эса илк бор 15,9 миллиард долларга етди.
Ҳисобот даврида 506 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилди, 2 миллион 616 минг нафар аҳолининг даромади оширилди, 546 минг нафар норасмий банд фуқаронинг фаолияти легаллаштирилди. Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилган 104 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, улар орқали 246 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.
Кўрилган чоралар натижасида ишсизлик даражаси йил бошидаги 4,8 фоиздан 4,5 фоизга камайди. Камбағаллик даражаси ҳам 4,5 фоизга тушди. 2 756 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилди. “Ижтимоий реестр”даги 227 мингта камбағал оилага даромадини оширишга қаратилган 300 мингта хизмат кўрсатилди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолини бизнесга кенг жалб этиш бўйича кўрилган чоралар натижасида 37,8 мингга яқин янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Савдо-саноат палатасининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига 70 мингга яқин бизнес хизматлари кўрсатилди.
Муҳокамаларда депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, Давлат дастурида белгиланган айрим вазифалар ижроси, мақсадли кўрсаткичларга ўз вақтида эришиш, ҳудудларда мавжуд иқтисодий имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтдилар.
Халқ вакиллари Давлат дастури ижросининг натижадорлигини янада ошириш юзасидан қатор таклифларни илгари сурдилар. Хусусан, ҳудудларда яратилаётган иш ўринларининг барқарорлиги ва даромадлилигини мунтазам баҳолаб бориш, камбағалликни қисқартириш чораларини ҳар бир маҳалланинг аниқ эҳтиёж ва имкониятларидан келиб чиқиб манзилли ташкил этиш, кичик бизнес ва микролойиҳаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш таклиф этилди.
Шунингдек, ижроси кечикаётган вазифалар бўйича масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисобдорлигини кучайтириш, Давлат дастурида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ижросини ҳудудлар кесимида тизимли мониторинг қилиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Депутатлар Давлат дастури ижросини фақат миқдорий кўрсаткичлар билан эмас, балки амалга оширилган чора-тадбирларнинг аҳоли ҳаётига таъсири, яратилган иш ўринларининг барқарорлиги, маҳаллаларда даромад манбаларининг кўпайиши ва одамларнинг кундалик турмушидаги реал ўзгаришлар нуқтайи назаридан ҳам баҳолаш муҳимлигига эътибор қаратдилар.
Савол-жавоблардан сўнг депутатлар Давлат дастурининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи бўйича тегишли қарор қабул қилдилар.
