in

Ўзбекистон ва Латвия ИИВлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик кенгайтирилади

Тошкент, Ўзбекистон — Рига шаҳрида Ўзбекистон ва Латвия ички ишлар вазирликлари ўртасида уюшган жиноятчилик, терроризм, наркотик моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон делегациясига ИИВ Жиноят қидирув хизмати раҳбари Сардор Мирзараимов, Латвия томонидан эса ИИВ давлат котиби ўринбосари Янис Беркманис раҳбарлик қилди.

Учрашувда томонлар трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш, терроризм ва экстремизм хавфларини камайтириш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши чоралар ҳақида фикр алмашди.

Шунингдек, молиявий жиноятлар – пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш, коррупцияга қарши чораларни кучайтириш, кибержиноятчилик ва ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар жиноятларни фош этишда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш ва маълумот алмашинувини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш, қўшма семинар ва тренинглар ўтказиш, хорижий тажрибани ўрганиш бўйича келишувларга эришилди. Шу билан бирга, чегара ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш, ноқонуний юк ва қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш, транспорт орқали содир этиладиган жиноятларни эрта аниқлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Латвиянинг Олайне шаҳридаги жазони ижро этиш муассасаси фаолияти билан танишди. У ерда маҳкумларни сақлаш шароитлари, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва жамиятга қайта мослаштириш бўйича тажриба алмашилди.

Томонлар халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан Интерпол орқали тезкор ахборот алмашиш, халқаро қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва ушлаш, экстрадиция жараёнларини соддалаштириш масалаларида ҳам келишиб олди. Шунингдек, уюшган жиноий гуруҳларга қарши қўшма тадбирлар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида музокаралар натижаларини акс эттирувчи протокол имзоланди ва келгуси ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.