Тошкент, Ўзбекистон — Самарқанд вилоятида туристик компания ходими тўрт нафар фуқаронинг Умра зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига сафарини ташкил қилиш эвазига 5 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, Самарқанд туманида фаолият юритувчи туристик фирма ходими Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унинг тўрт нафар қариндоши учун зиёрат сафарини ташкил этишни таклиф қилган.
ДХХ ходимлари вилоят Ички ишлар бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда мазкур шахсни пулни олаётган вақтида ушлаган.
Текширув натижасида компания Умра сафарларини ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур бўлган лицензияга эга эмаслиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни зиёрат сафарларини ташкил этиш бўйича шартнома тузишдан олдин туристик компанияларда тегишли лицензия мавжудлигини текширишга чақирди.
