in

Қонунчилик палатаси профилактика инспекторлари ҳақидаги қонунни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сешанба куни «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжат профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва ваколатларини белгилаш, шунингдек, уларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлигини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этишни назарда тутади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

 

Қонунни алоҳида қабул қилиш зарурати лойиҳа муаллифлари томонидан профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда касбий фаолияти кафолатларини аниқ белгилаш эҳтиёжи билан изоҳланган.

Қонун лойиҳасида хизматни ўташ тартиби ҳам тартибга солинади. Хусусан, инспекторнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш, уни хизмат вазифаларига алоқадор бўлмаган ишларни бажаришга жалб этиш ва унга қўшимча вазифалар юклашни тақиқлаш таклиф этилмоқда.

Лойиҳанинг асосий қоидаларидан бири профилактика инспекторларининг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилган. Инспекторларни бириктирилган ҳудуддаги фаолияти юзасидан ҳар чоракда аҳоли ва жамоатчиликка ҳисобот беришга мажбурлаш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, ҳужжатда аҳолининг профилактика инспектори фаолиятига нисбатан «ишончсизлик ташаббуси»ни билдириш имконияти ҳам назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида ходимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясига ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Унда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини давлат томонидан ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат ҳақи, хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш, шунингдек, самарали натижалар кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш чоралари белгиланиши назарда тутилган.

Муҳокама давомида қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда хавфсизликни мустаҳкамлаш, инспекторларнинг аҳоли билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун лойиҳаси июнь ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган эди. Ўшанда профилактика инспекторининг устувор вазифаси аҳолининг ишончини ошириш ҳамда бириктирилган ҳудудда жиноятчиликни самарали жиловлашдан иборат бўлиши хабар қилинган.

Тақдим этилган лойиҳага кўра, профилактика инспектори профилактика ишларининг шаклларини мустақил белгилаши, бажарилиши мажбурий бўлган профилактик кўрсатмалар бериши, тақдимномалар киритиши ва уларнинг ижросини талаб қилиши, профилактика тадбирларини ўтказиш методикаларини ишлаб чиқиши ҳамда ўз ваколати доирасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши мумкин бўлади.

Шунингдек, инспекторларга ички ишлар органлари ходимларининг Касбий маданият кодекси ва хизмат интизомига риоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга зудлик билан етиб бориш ва текширувлар ўтказиш мажбурияти юкланиши режалаштирилмоқда. Белгиланган ҳолларда ходимлар жабрланганларга биринчи тиббий ва бошқа зарур ёрдам кўрсатиши керак бўлади.