in

Ўзбекистон ва Туркия парламентлараро алоқаларни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида таъкидланганидек, икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлари натижасида Ўзбекистон – Туркия алоқалари кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Сўнгги йилларда парламентлараро мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар фаоллашиб, ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ва қўмиталар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш, мунтазам мулоқот механизмларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, савдо ва инвестициялар, саноат, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш, қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар парламентларнинг тегишли қўмиталари ўртасида иқтисодиёт, инвестициялар, инновация, банк-молия, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда мулоқотларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, халқаро рейтинглар, Барқарор ривожланиш мақсадлари, гендер тенглик, коррупцияга ва одам савдосига қарши курашиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 2026–2027 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди.