in

Ўзбекистон аҳолиси 38,3 млн нафардан ошди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 382,7 минг нафарни ташкил этди, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 фоизга ёки 684,9 минг нафарга кўпдир.

Статистика маълумотларига кўра, шаҳар ҳудудларида 19 541,3 минг нафар ёки аҳолининг 50,9 фоизи, қишлоқ жойларда эса 18 841,4 минг нафар (49,1 фоиз) истиқомат қилади. Эркаклар сони 19 331,1 минг нафар (50,4 фоиз), аёллар эса 19 051,6 минг нафарни (49,6 фоиз) ташкил этган.

Аҳоли зичлиги ҳар бир квадрат километрга 85,5 нафарга етди ва ўтган йилга нисбатан 1,5 нафарга ошди.

2026 йил январь–март ойларида мамлакатда 191,1 минг тирик туғилиш қайд этилди, бу 20,2 промилле туғилиш коэффициентига тўғри келади. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан янги туғилганлар сони 7 минг нафарга камайган.

Туғилганлар орасида 98,5 минг нафар ўғил болалар (51,5 фоиз), 92,6 минг нафар қиз болаларни (48,5 фоиз) ташкил этди. Шаҳарларда 93,7 минг, қишлоқ жойларда эса 97,4 минг бола туғилган.

Шу даврда 43,5 минг ўлим ҳолати қайд этилди, ўлим коэффитсиэнти минг кишига 4,6 ни ташкил этади. Ўтган йилга нисбатан кўрсаткич 2,1 минг нафарга ошган. Вафот этганлар орасида 24,3 минг нафар эркаклар (55,8 фоиз), 19,2 минг нафар аёллар (44,2 фоиз) бўлган.

Шаҳарларда 23,9 минг, қишлоқ жойларда эса 19,6 минг ўлим ҳолати қайд этилган.

Рўйхатдан ўтказилган никоҳлар сони 42,3 мингтани ташкил этиб, никоҳ коэффициенти 4,5 бўлди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳлар сони 1,5 мингтага камайган.

Ажримлар сони 12,7 мингтани ташкил этди, ажрим коэффициенти 1,3 промилле бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 1,2 мингтага кўпдир. Шаҳарларда 7,6 минг, қишлоқ жойларда эса 5,1 минг ажрим қайд этилган.

Миграция маълумотларига кўра, 2026 йил январь–март ойларида мамлакатга 80 159 нафар келган, шундан 79 438 нафари ички мигрантлар, 721 нафари эса хориждан келганлардир.

Ушбу даврда жами 81 715 нафар мамлакатдан чиққан бўлиб, улардан 79 438 нафари мамлакат ичида кўчган, 2 277 нафари эса хорижга кетган.