Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилоятидаги чегара ва божхона ўтказиш пунктлари тун-кун ишлаш тартибига ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси хабар қилди.
Ўзгаришлар Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости, Шоҳимардонга киришдаги “Оқ-Қия” божхона пункти, шунингдек Сўх чегара божхона постига тааллуқли.
Аввал мазкур ўтказиш пунктлари соат 06:00 дан 22:00 гача фаолият юритган. Энди эса уларнинг иши 24/7 режимида ташкил этилди.
Қайд этилишича, қарор ёзги туристик мавсум даврида фуқаролар учун янада қулай шароит яратиш ва чегарани кесиб ўтувчилар оқимини ошириш мақсадида қабул қилинган.
Янги иш тартиби жорий йилнинг 1 октябрига қадар амал қилади.
