in

Тошкентда Korzinka тармоғида K-Food Corner очилди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентдаги Korzinka савдо тармоғида корейс озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлари тақдим этиладиган махсус K-Food Corner бурчаги очилди.

Очилиш маросими 22 сентябрь куни Oybek кўчасидаги Korzinka дўконида бўлиб ўтди. Унда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён ва Korzinka бош ижро директори Педро Мартиньо иштирок этди.

Элчихона маълумотларига кўра, K-Food Corner 14 сентябрдан 11 октябрга қадар Korzinka’нинг учта филиалида тест режимида ишлайди. Харидорларга корейс лапшаси рамёндан ташқари ширинликлар, денгиз маҳсулотлари, салатлар ва соусларни ўз ичига олган 20 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар таклиф этилмоқда. Яқин вақт ичида ассортиментни Кореядан келтириладиган янги мевалар билан тўлдириш режалаштирилган.

Вон До Ённинг сўзларига кўра, махсус корейс бурчагини ташкил этиш ғояси UzFood 2026 халқаро кўргазмасидан кейин пайдо бўлган. Элчи Ўзбекистон истеъмолчиларининг корейс маҳсулотларига қизиқиши юқори эканини таъкидлаб, кўргазмадан сўнг тегишли таклиф билан Кореянинг KOTRA агентлиги ва Корея Эксимбанкига мурожаат қилган.

Вон До Ён лойиҳани ишга тушириш санасининг рамзий аҳамиятини ҳам қайд этди. 14 сентябрь куни Сеулда Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси президентлари саммити бўлиб ўтган. Унда томонлар стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар, ишлаб чиқариш, транспорт ва инфратузилма, шунингдек, сунъий интеллект, фармацевтика ва биотехнология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олган.

Элчининг таъкидлашича, ҳукуматлараро ҳамкорлик билан бир қаторда икки мамлакат халқлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Вон До Ённинг қайд этишича, K-Food Corner шундай кўприклардан бирига айланиши ва Корея ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак.

Педро Мартиньо лойиҳани нафақат ҳукуматлар ва йирик компаниялар даражасида, балки оддий инсонлар ўртасида ҳам ривожланаётган ҳамкорликнинг амалий намунаси деб атади.

Унинг сўзларига кўра, Korzinka лойиҳани тест режимида ишга туширган ва харидорлар, айниқса K-popдан тортиб косметикагача бўлган корейс маданиятига қизиқувчи ёш авлод вакилларининг ижобий муносабатини кутмоқда.

Мартиньонинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолисининг бир қисми корейс маҳсулотлари билан аллақачон таниш, бироқ уларни харид қилиш мумкин бўлган жойлар етишмайди. Тест даври муваффақиятли якунланган тақдирда, компания лойиҳанинг маҳсулотлар ассортименти ва географиясини кенгайтиришни режалаштирмоқда.