Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда жамоат транспортида йўл ҳақини тўлаш устидан назорат кучайтирилди.
1 сентябрдан 22 сентябрга қадар 14 051 нафар йўловчига йўл ҳақини ўз вақтида тўламагани учун маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Назорат ва тушунтириш тадбирларини «Тошкент шаҳрида йўловчи ташишни мониторинг қилиш ва назорат қилиш» давлат муассасаси ходимлари ўтказмоқда. Асосий эътибор йўловчилар томонидан йўл ҳақини ўз вақтида тўлаш тартибига риоя этилишига қаратилмоқда.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, сентябрь ойининг дастлабки 22 кунида расмийлаштирилган баённомалар сони август ойига нисбатан 8 494 тага ошган. Ўсиш 153 фоизни ташкил этган.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкентда брутто-шартнома асосида фаолият юритаётган барча шаҳар автобусларида йўл ҳақини тўлашнинг янги тартиби амал қилмоқда.
Белгиланган қоидаларга кўра, йўловчилар автобусга кириш вақтида йўл ҳақини бевосита тўлашлари керак.
Йўл ҳақини тўлашнинг янги тартибига риоя этилиши устидан назорат давом эттирилмоқда.
