in

Ўзбекистон биринчи марта D2D сунъий йўлдош алоқасини синовдан ўтказмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — “GSMA M360 Eurasia” халқаро форуми доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов глобал сунъий йўлдош ва рақамли алоқа ечимларига ихтисослашган Viasat Direct-to-Device компаниясининг минтақавий вице-президенти Ҳилми Текинсой билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда сунъий йўлдош алоқа технологияларини ривожлантириш, чекка ҳудудларда интернет қамровини кенгайтириш ҳамда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар илк бор Ўзбекистонда Виасат сунъий йўлдоши орқали мобил алоқа қурилмасига тўғридан-тўғри сунъий йўлдош хабарларини узатиш бўйича D2D технологияси синов намойишини ўтказдилар. Учрашувда ушбу технологиянинг имкониятлари ва техник хусусиятлари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Шунингдек, мамлакатда пилот лойиҳаларни амалга ошириш, дастлаб айрим ҳудудларда синов тариқасида жорий этиш ва кейинчалик ушбу ечимларни республика миқёсида кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Лойиҳаларни вазирлик раҳбарлигида миллий операторлар ва маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликда амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Музокаралар давомида Виасат компанияси томонидан Ўзбекистон учун истиқболдаги миллий сунъий йўлдош ечимларини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Компания вакиллари бундай лойиҳа Ўзбекистоннинг космик технологиялар йўналишидаги салоҳиятини ошириш, шунингдек, нафақат мамлакат ҳудуди, балки қўшни минтақаларни ҳам қамраб олиш имконини беришини қайд этдилар.

Шу билан бирга, Виасат ўзининг глобал сунъий йўлдош тармоғи билан интеграциялашган ечимларни таклиф этиб, турли мамлакатларда терминаллар ва қурилмаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш имкониятларини тақдим этди.

Компания вакиллари ушбу технологиялар юқори ишончлилик даражасига эга эканини ҳамда миллий хавфсизлик ва тартибга солиш талабларига тўлиқ мос равишда жорий этилишини таъкидладилар.

Музокаралар якунида томонлар рақамли инфратузилма, сунъий йўлдош технологиялари ва инновацион телекоммуникация хизматлари йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.