Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) мамлакатда сунъий интеллект соҳасида тадқиқот ва ишланмаларни ривожлантириш ҳамда технологияларни тижоратлаштиришга қаратилган, қиймати 200 миллион долларлик лойиҳа бўйича англашув меморандумини имзолади.
Бу ҳақда Тошкентда ICT Week 2026 доирасида бўлиб ўтган Startup and Venture Summit саммитида маълум қилинди. Ҳужжатни IT Park бош директори Азамат Караматов ва ОТБнинг Ўзбекистон бўйича минтақавий директори Канокпан Лао-Арайя алмашди.
Маросимни очиб берар экан, Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов лойиҳа доирасида қарийб 100 та технологик стартап ва 300 та тадқиқот лойиҳасини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, миллий Startup Base платформасида қарийб 2 мингта стартап рўйхатдан ўтган, мамлакатда 25 га яқин венчур фонди фаолият юритмоқда. Экосистема аллақачон иккита «юникорн» компанияни етиштирган.
Имзолаш маросимидан сўнг сўзга чиққан Канокпан Лао-Арайя ОТБ Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий секторига ривожланиш вазифаларини амалга оширишда кўмаклашаётганини таъкидлади. У мамлакатни ислоҳотлар юқори суръатда амалга оширилаётган ва технологияларга қизиқувчан ёш аҳолига эга ҳудуд сифатида қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, хусусий сектор билан ишлаш давлат билан доимий мулоқот асосида олиб борилмоқда. Ўзбекистон сўнгги йилларда ислоҳотлар ва инфратузилмани ривожлантириш йўлида сезиларли тараққиётга эришган.
