Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan ва Asian-Oceanian Computing Industry Organization (ASOCIO) Ўзбекистон стартап-экотизимини ривожлантириш ҳамда ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини муҳокама қилди.
IT Park Uzbekistan стартап-экотизимни ривожлантириш бўйича директори Фаррух Эркинов ва ASOCIO раиси Стэн Сингх-Жит ўртасидаги учрашув ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида бўлиб ўтди.
Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири октябрь ойида ўтказиладиган ASOCIO Digital & AI Awards 2026 мукофоти бўлди. ICT WEEK доирасида ўтказилган Startup & Venture Summit тадбирида Ўзбекистоннинг 10 та лойиҳаси ва компанияси мазкур мукофотда ғолиб бўлгани маълум қилинган эди.
Учрашув иштирокчилари ушбу лойиҳалар вакилларининг яқинлашиб келаётган тадбирдаги иштироки тафсилотларини муҳокама қилди. Стэн Сингх-Жит, шунингдек, IT Park Uzbekistan’ни ASOCIO таркибига қўшилгани билан табриклади.
Томонлар Ўзбекистон стартап-экотизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. ASOCIO раиси давлат томонидан рақамли технологияларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ҳукуматнинг технологик соҳани қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичи сифатида томонлар Ўзбекистонда, шунингдек, Осиё ва Океания мамлакатларида қўшма тадбирлар ўтказиш масаласини муҳокама қилди.
ASOCIO Осиё ва Океания мамлакатларининг 25 та уюшмасини бирлаштиради. Уларнинг таркибига 29 мингдан ортиқ АКТ компанияси киради. Ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодиётининг умумий ҳажми жаҳон ЯИМининг қарийб 45 фоизини ташкил этади.
ICT WEEK доирасида Стэн Сингх-Жит Ўзбекистон стартап-экотизими билан ҳам танишди. У OX SYSTEM вакиллари билан учрашди, шундан сўнг томонлар музокараларни давом эттиришга келишиб олди. Шунингдек, у Илғор технологиялар марказига ташриф буюрди.
