in

IT Park сентябрь ойида 105 та компанияни ўз реэстридан чиқарди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил сентябрь ойининг биринчи ярмида белгиланган талабларни бажармаган 105 та компания IT Park иштирокчилари реестридан чиқарилди. Йил бошидан буён ушбу чора 943 та компанияга нисбатан қўлланилган. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan хабар берди.

Реестрдан чиқарилган компанияларнинг энг кўпи Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг сони 433 тани ташкил этди. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 77 та, Самарқанд вилояти — 68 та, Қорақалпоғистон Республикаси — 60 та, Фарғона вилояти — 56 та ва Хоразм вилояти — 38 та компания билан қайд этилди.

Сирдарё вилоятида реестрдан 36 та компания чиқарилган бўлса, Сурхондарё вилоятида — 33 та, Наманган вилоятида — 29 та, Қашқадарё вилоятида — 25 та, Навоий вилоятида — 24 та, Жиззах вилоятида — 22 та, Андижон ва Бухоро вилоятларида эса 21 тадан компания реестрдан чиқарилди.

IT Park иштирокчилари қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар бизнесни ривожлантириш ва халқаро бозорларга чиқишга қаратилган қўллаб-қувватлаш дастурларидан фойдаланишлари мумкин. Бироқ иштирокчи мақомини сақлаб қолиш учун компаниялар белгиланган талабларга риоя қилиши керак.

Асосий шартлар 2019 йил 15 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 589-сон қарори, шунингдек, IT Park билан тузилган келишувда белгиланган.

Жумладан, иштирокчилар тасдиқланган фаолият йўналишлари ва бизнес-режа доирасида ишлаши, ўз фаолияти натижалари ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиши, ҳар йили аудитдан ўтиши ҳамда IT Park билан тузилган келишув шартларига риоя қилиши лозим.

Ушбу талабларни бажариш иштирокчи мақомини сақлаб қолиш ва IT Park резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар ҳамда қўллаб-қувватлаш чораларидан кейинчалик ҳам фойдаланиш учун зарур ҳисобланади.