in

Наманганда “Ақлли шаҳар” илмий-амалий маркази лойиҳасига старт берилди

Тошкент, Ўзбекистон —  Наманган вилоятида замонавий технологиялар асосида ҳудудларни ривожлантириш, бошқарув тизимларини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида муҳим лойиҳа – “Ақлли шаҳар” илмий-амалий марказини ташкил этиш ишлари бошланди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ 189-сон Фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.

Шу асосда Наманган давлат техника университетида “Сунъий интеллект” илмий лабораториясини ташкил этиш, олий таълим тизимини рақамли трансформация қилиш ҳамда илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Режалаштирилаётган илмий лаборатория талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, сунъий интеллектни реал лойиҳаларда қўллаш ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун жами 16 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бугун ушбу йирик ташаббусга расман старт берилди.

Қурилиш ишларининг бошланиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, нуронийлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этдилар.

Мазкур лойиҳа Наманган вилоятини рақамли трансформация қилиш, “Ақлли шаҳар” консепсиясини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳолига қулай ва хавфсиз муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.