Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистондаги атом электр станциясининг иккита кичик энергоблоки учун пойдевор плитасига бетон қуйиш ишларини 2026 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Бу ҳақда «Росатом» бош директори Алексей Лихачёв журналистлар билан суҳбатда маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Гап Жиззах вилоятида интеграциялашган АЭС лойиҳаси доирасида қурилаётган, ҳар бирининг қуввати 55 МВт бўлган РИТМ-200 реакторли энергоблоклар ҳақида бормоқда.
«Росатом» бош директори Алексей Лихачёв Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидаги интеграциялашган атом электр станцияси қурилиш майдончасига ташриф буюриб, кичик қувватли биринчи энергоблокни барпо этиш ишларининг бориши билан танишди.
Лихачёвнинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон президентлари томонидан белгиланган вазифаларни бажариш доирасида дастлабки бетонлаш ишлари май ойида бошланган. Шу билан бирга, «Росатом» маълумотига кўра, биринчи энергоблок пойдевор плитасига бетон қуйиш 2026 йил 4 июнда бошланган.
Ҳозирда қурилиш майдончасида реактор биноси асосини бетонлаш ишлари давом этмоқда. Ушбу ишларга 25 та техника бирлиги жалб қилинган. Биринчи энергоблок реактор бўлимининг пойдевор плитасини битказиш учун 10 минг куб метр бетон қуйиш талаб этилади.
2027 йилда кичик энергоблокларнинг асосий бинолари ва иншоотларини, жумладан, реактор корпуси, бошқарув биноси ва машина залларини қуришга киришиш режалаштирилган. «Росатом» раҳбарининг таъкидлашича, бу ер ишлари ва пойдевор қурилишидан асосий объектларнинг деворлари ҳамда ораёпмаларини барпо этиш босқичига ўтишни англатади.
Ўзбекистондаги интеграциялашган АЭС ҳар бирининг қуввати 1 000 МВт бўлган иккита йирик энергоблок ва ҳар бирининг қуввати 55 МВт бўлган иккита кичик энергоблокдан иборат бўлади. Станция лойиҳавий қувватига етгач, йилига 17,2 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Лойиҳа, шунингдек, атом энергетикаси соҳаси ходимлари учун шаҳар қуришни ҳам назарда тутади. Унда 30 мингдан ортиқ мутахассис ва уларнинг оила аъзолари яшаши кутилмоқда. АЭС қурилиш майдончасидан тахминан 25 километр масофада саноат кластерини ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳа бўйича ҳамкорлик бир неча босқичда кенгайтирилди. Тегишли ҳужжатлар 2024 йил май ойида имзоланган, 2025 йил сентябрь ойида томонлар янги келишувларни расмийлаштирган. 2026 йил март ойида эса интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича қўшимча келишув тузилган.
