in

Ўзбекистонда корхоналар учун «намунали истеъмолчи» мақоми жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда корхоналар учун электр энергияси ва табиий газнинг «намунали истеъмолчиси» мақоми жорий этилмоқда.

Тегишли ўзгартишлар 22 сентябрда Президент фармони билан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларига киритилди.

Мазкур мақомни автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимларига уланган ва масофадан бошқариш функциясига эга ҳисоблагичлардан фойдаланадиган нотурар жой истеъмолчилари олиши мумкин.

Бунда корхонада муддати ўтган қарздорлик, энергия ресурсларидан фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, аввалги икки ой давомида тўлов интизоми билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги керак.

Бундай корхоналар учун ҳисоб-китобларнинг янги тартиби белгиланади. Ҳисоб-китоб ойи бошланишидан олдин шартномада назарда тутилган истеъмол ҳажмининг камида 15 фоизи миқдорида аванс тўлаш кифоя. Қолган суммани ой давомида қисмларга бўлиб тўлаш мумкин.

Зарур бўлган олдиндан тўлов миқдори ҳисобга олиш ва биллинг тизимлари маълумотлари асосида автоматик равишда ҳисобланади. Мақомни олиш учун алоҳида ариза топшириш талаб этилмайди.

Агар шахсий ҳисоб рақамидаги маблағ тугаб, электр энергияси ёки газ етказиб бериш автоматик равишда тўхтатилса, бу тўлов интизомининг бузилиши ҳисобланмайди.

Шу билан бирга, мазкур мақомдан маҳрум бўлиш ҳам мумкин. Бунга муддати ўтган қарздорликнинг юзага келиши, истеъмолчининг айби билан ҳисобга олиш тизими билан маълумот алмашинувининг бузилиши ёки энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатининг аниқланиши асос бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда корхоналарнинг бир қисми учун электр энергияси ва табиий газ бўйича мажбурий олдиндан тўловни 100 фоиздан 15 фоизга тушириш режалари ҳақида гапирган эди.

Давлат раҳбари тўлиқ олдиндан тўлов талаби корхоналарнинг айланма маблағлари ҳажмини камайтиришини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, энергетика соҳасидаги бошқарув тизимини бизнеснинг жорий эҳтиёжлари ва унинг ривожланиш режаларига мослаштириш зарур.

Юридик шахслар учун 100 фоизлик олдиндан тўлов талаби 2024 йил 1 июлдан амал қилмоқда. Бунга қадар худди шундай тизим 2017 йил июль ойидан 2019 йил февраль ойига қадар қўлланилган, шундан сўнг мажбурий аванс миқдори 50 фоизга туширилган.

2023 йил охирида Энергетика вазирлиги тўлиқ олдиндан тўлов тизимига қайтилишини истеъмолчилар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар, жумладан, тармоқларга ўзбошимчалик билан уланиш ва истеъмол ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳолатлари билан изоҳлаган эди.

Фармонда, шунингдек, йирик истеъмолчилар учун электр энергиясига белгиланган дифференциал тарифларни ўзгартириш назарда тутилган.

Соат 09:00 дан 17:00 гача пасайтирувчи коэффициент қўлланилади ва бунинг натижасида тариф одатдагидан 1,5 баравар паст бўлади.

Тунги вақтда амалдаги чегирма бекор қилинади ва электр энергияси стандарт тариф бўйича тўланади.