in

Ўзбекистон ва Уммон инвестицияларни кенгайтиришни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Уммон Султонлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вафа Ал Бусайдий билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида томонлар иқтисодиёт, инвестиция ва логистика соҳаларида Ўзбекистон-Уммон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда уни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани, шу билан бирга, икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришда ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Уммон сармояси иштирокидаги 10 та корхона фаолият юритмоқда, умумий қиймати 3,2 миллиард долларга тенг бўлган 20 та янги қўшма лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги инвестициявий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган 5-Тошкент халқаро инвестиция форумида хорижий томоннинг иштирок этиши юзасидан ўзаро келишувга эришилди.